Янги даврнинг ҳар бир дақиқасида ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида охирги йилларда жуда кўп қонун ҳужжатлари чиқдики, буларнинг барчаси, аввало, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Энг яхши хизмат — элга хизмат!

САМАРҚАНДДА «САЛОМАТЛИК КУНЛАРИ»

     Шахсан Юртбошимиз томонидан соҳа ривожига алоҳида аҳамият қаратилиб келинаётгани барчамизга яхши маълум. Буни соғлиқни сақлаш тизимидаги соҳа ходимлари билан бир йилда бир неча маротаба учрашиб, мавжуд камчиликларни ўртага ташлагани мисолида ҳам айтиш мумкин.

Бир гуруҳ Тошкент тиббиёт академияси профессорлари: Барно Холматова, Гули Шайхова, Мунира Аллаева, Шахло Бакиева ва тиббиёт фанлари доктори, профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаевлар «Шифо-инфо» газетаси таҳрир ҳайъати аъзолари билан биргаликда  шу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда вилоят аҳолиси билан юзма-юз учрашиб, уларнинг саломатлигини ўрганиш, бепул кўрикдан ўтказиб, тегишли тавсия ва маслаҳатлар бериш мақсадида Самарқанд шаҳрида 4-5- май кунлари  бўлишди. Профессор Барно Холматова оналар билан ҳам суҳбат ўтказди. Болаларни тўғри овқатлантириш, жисмоний ривожланишни мониторинг қилиш, профилактик эмлашларни ўз вақтида ўтказиш, яқин қариндошлар орасидаги никоҳга йўл қўймаслик, болада касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилишлари кераклигини тушунтирди.

Профессорлар  Гули Шайхова ва Мунира Аллаева қизиқарли маърузаларини тақдимот тарзида намойиш этишди. Оила аъзоларининг саломатлиги учун соғлом турмуш тарзига, тўғри овқатланиш ва унинг қонун коидаларига риоя қилиш, бетоб бўлганда эса асоратсиз даволаниш мақсадида дориларни ўз вақтида тўғри қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам 300 га яқин йиғилган аёллар мутахассислар маърузаларини диққат билан тинглашди, сўнгра улардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Тиббиёт фанлари доктори,  оториноларинголог Шаҳло Бакиева иштирокида ҳам бепул курик ташкил этилди.   Беморларнинг аксарияти ёши катта инсонлар бўлиб, асосий шикоятлари яхши эшитмаслик, сурункали отит, қулоқдан турли ажралмалар келиши экан. Шифокор ташхис қўйишдан аввал беморларни замонавий тиббиёт қурилмалари ёрдамида текшириб, шундан кейингина касалликка сабаб бўлувчи омиллар ва уни бартараф этиш тартиблари тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаев ҳам асаб касалликлари ва депрессиянинг аксарияти ўткир ва сурункали руҳий сиқилишлар, кетма-кет муваффақиятсизликлар ва узоқ давом этувчи касалликлар натижасида келиб чиқиши ҳақида беморларга маълумотлар берди. Бундан ташқари, беморларга мустақил равишда антидепрессантлар қабул қилмаслик, ҳар қандай дори воситасини шифокор рухсати билан қабул қилиш кераклиги тушунтирилди. Кўрик давомида профессорга мазкур шифохонанинг икки нафар ёш мутахассиси яқиндан ёрдам берди.

Шундай қилиб, Самарқанд сафари қизиқарли ва мазмунли бўлди.

Leave a Comment